берди. Ўшани олиб, дарахт шохларига зиён етказмаслик учун аста-секинлик билан қоқа бошладим. Бироздан сўнг улар келиб теришди. Уч-тўртта ёнғоқ Дилоромнинг ёнига тушганини кўриб:
— Ҳой, Дили, нарироқ туринглар, бошларингга тушмасин тағин. Мен нариги томонга ўтсам, кейин тераверасизлар, — деб илтимос қилдим.
Амманинг чеҳраси очилиб, Дилоромга бир жилмайиб қўйди-ю, кейин ҳаммалари нари кетишди. Бу сирли жилмайиб қарашнинг тагидаги «Йигитгина сенга жуда раҳмдил экан», деган маънони англаш мен учун унчалик қийин эмасди.
Ишим яримлаб қолганда эшикдан новчадан келган бир йигит кириб келди. Чақирмасдан ҳовлига кириб келишини кўриб, «Шу хонадонга қариндош бўлса керак. Ҳойнаҳой, талаба, кўринишидан маълум», деб ўйладим. У Дилоромни кўриши билан йўлак бўйида очилиб турган атиргуллардан узди-да, бир чиройли гулдаста ясаб, Дилоромга узатди. У эса ширин табассум қилганича қўлига олар экан, биз нонушта қилган жойга таклиф қилди. Шундан билдимки, улар аввалдан таниш. Мен уларнинг гапини эшитмасам ҳам кузатишда давом этдим. Йигит гапиряпти. Дилором бўлса, гоҳ кулиб, гоҳо бошини қимирлатиб, унинг гапларини маъқулларди. Аламимдан ёниб кетдим! Куйиб кетдим! Нафас олсам, оғзимдан аланга чиқарди. Қўлимдаги узун таёқни шу даражада зарб билан урардим-ки, бечора ёнғоқлар ҳар томонга сочилиб, ерга тушмасиданоқ пўстлоғидан ажралиб кетарди. Ҳа, жаҳл отига миниб улгурган эдим. Кўз очиб-юмгунча ишни тугатдим. Пастга тушгач, кран олдига бориб ювиндим. Дилоромнинг сочиқ олиб келишини кўрсам ҳам, чўнтагимдан рўмолчамни олиб, артинган кўйи дарвоза томон юрдим ва «Шу Дилоромдан бир йил кейин туғилганимда бу кўргуликлар бошимга тушмаган бўларди», деб ўйладим.
— Қаёққа кетяпсан? Аммам ошни дамлаб қўйди, — деди Дилором ортимдан келиб.
— Дўконга чиққан эдим. Уйда бувим кутиб қолди, — дея кўчага чиқдим.
Дилором эса қандайдир бир ачинарли аҳволда кўзларимга боққанича тикилиб қолди. Унинг бундай ҳолатга тушишини биринчи марта кўриб туришим эди. «Уни хафа қилиб қўйдим», деб қилган ишимдан афсусландим.
Кейин у мунгли товушда:
— Сиз девордармиён, жонажон қўшнимсиз! Ёшликдан бирга катта бўлдик. Бир партада ўтириб, ўқидик. Сиз жуда иқтидорли ва раҳмдил йигитсиз! Сизни ниҳоятда ҳурмат қиламан ҳамда яхши кўраман! Лекин бу дегани… — деди-ю, ўпкаси тўлиб кетганидан лаблари билинар-билинмас даражада титраб, гапини давом эткизолмай қолди…
Бу гаплардан кейин унинг кўнглини тушундим ва кўз ёшларимни чиқармасликка ҳаракат қилиб лабларимни қаттиқ тишладим. Шунда дадамнинг «Бу ҳаётнинг паст-баланди кўп. Ўшандай жойга бориб қолсанг, ақлингни ишлатиб, мардлик билан ҳал қил», деган гапини эсладим.
— Буни мен ҳам тушунаман!..
Нўъмонжон ЖУМАБОЕВ
(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)