Ижтимоий тармоқларда «Бола ўғрилари пайдо бўлгани айтилмоқда, қизалоқни олдига келиб уни алдаб олиб кетишди» сарлавҳаси остида видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 26 апрель куни Самарқанд тумани "Обод” маҳалласида яшовчи фуқаро туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2022 йил 25 апрель куни Самарқанд тумани "Қўшкўприк” маҳалласи ҳудудида 2013 йилда туғилган қизининг вояга етмаганлигидан фойдаланиб унга билдирмасдан қулоғидаги тилла сирғасини номаълум шахс ўғирлаб кетганлигини билдирган.
Туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноятни 1997 йилда туғилган Сабина М. содир этганлиги аниқланиб, қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Сабина М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
«Ҳурматли фуқаролар ва ижтимоий тармоқ фаолларидан, шу каби маълумот ва хабарларни тарқатишдан олдин ички ишлар органларидан уни аниқлаштириб олишларини сўраймиз», – ИИБ хабарида.