Эркакдан омадни аяма фалак,
Жонини асрагил, этмагил халак.
Омадни қўш-қўш бер, бахтини бекам,
Номардга зор этма, кўрмасин алам.
Эркакдан омадни аяма ҳаёт,
Муҳаббат қасрин ҳам этмагин барбод.
Ишига унум бер, ҳамёнига пул,
Билагига куч бер, эй қодири дил!
Майлига ҳар замон ичиб "шер” бўлсин,
Майсага ағанаб усти кир бўлсин.
Кайфи ўтиб кетар йигитчиликда,
Ер бўлмасин фақат, фақат эр бўлсин!
Тан-жони соғ бўлсин, тўрт муччаси соғ,
Уйидан бахт топсин, кайфи бўлиб чоғ.
Оғзига ош бер-у, кўзга ёш берма,
Мард эркак хор бўлса фалак-дош берма!
Номардга зор қилма, душманига хор,
Шаънини букмасин, ҳеч қайси дилдор.
Сен унга қудрат бер, кўнглига ғурур,
Токим йиқилмасин юрагида ор.
Ҳиёнат этмасин ёри бериб панд,
Оёғидан чалмасин ҳеч қайси номард.
Аёлдан қолмасин дилдаги доғи-
Аллоҳим, асрагин бўлиб паноҳи.